Apr 242012
 

Ўзбекистон Марказий банки 1 майдан бошлаб хориждан жўнатилган валюталар фақат ўзбек сўмида берилиши ҳақидаги хабарни мутлақ инкор қилди.

Матн катталиги
Меҳрибон

24.04.2012

Марказий банк раддияси

Ўзбекистон Марказий банки ахборот хизмати бошлиғи Асқар Ҳайдаров Озодлик билан суҳбатда 1 майдан бошлаб, хориждан юборилган пул жўнатмалари расмий курс бўйича ўзбек сўмига айлантирилиб, фақат сўмида берилиши ҳақидаги хабарларни мутлақо рад этди.

– Переводларни сўмда бериш ҳақидаги хабар ғирт ёлғон нарса бу. Мутлақо инкор қиламан бу хабарни. Аҳмоқона нарса бу. Умуман йўқ бунақа нарса. Кун тартибида ҳам йўқ, ҳаттоки. Қип-қизил, ғирт ёлғон, аҳмоқона нарса. Бировнинг пулига банк аралаша олмайди. Мухбирлар шу ерда бўлсаю, мендан бир оғиз сўрамайдими шуни? Бу просто ҳалиги, сайтга одамларнинг эътиборини тортиш учун қилинган нарса бу. Ўйин бу,- дейди Марказий банк ахборот хизмати бошлиғи Асқар Ҳайдаров.

Uzmetronom иддаоси

Ҳукумат ва ҳуқуқ тартибот идораларида ўзининг ишончли манбалари борлигини таъкидлаб келадиган Uzmetronom.сом сайти хориждан жўнатилган валюталарнинг ўзбек сўмига айлантирилиб, кейин берилиши ҳақидаги хабарни тарқатди.

Мазкур сайт жорий йилнинг январ ойида ҳам шу мавзудаги хабарни тарқатган ва ўша пайтда ҳам Ўзбекистон Марказий банки маъсуллари Озодликка буни инкор қилган эдилар.

Uzmetronom.сом сайти Ўзбекистон молия ташкилотларига яқин манбаларига таяниб, Марказий Банк хориж валютасида юборилган пул жўнатмаларини конвертация қилишни амалга оширишга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Ушбу қарор 1 майдан амалга тадбиқ этила бошлаши ҳақида ёзган ушбу сайт хабарида, эндиликда нафақат пул жўнатмалари, балки хориждан қайтган Ўзбекистон фуқаролари ёнида бўлган валюталар ҳам конвертация қилиниши мумкинлиги ҳам айтилади.

Uzmetronom.сом сайти бош муҳаррири Сергей Ежков пул жўнатмаларини сўмда бериш амалиётини йўлга қўйиш ҳаракатлари бўлаётгани борасидаги хабар ўзининг ишончли манбаларига таянганини таъкидлайди, бироқ у тадбирни амалда қўллаш имконсиз эканини айтади.

– Агар бундай ташаббус илгари сурилса ҳам, у қабул қилинмайди. Бу биринчи навбатда қариндошлари хорижда ишлаётган, кам таъминланган оилаларнинг чўнтагига катта зарба беради. Бу мутлақо номақбул қарор. Умид қиламанки, бу қарор амалга оширилмайди,- дейди Сергей Ежков.

1000 доллардан 1 миллион сўм ютқазиш хавфи

Пул жўнатмаларининг расмий курс бўйича ўзбек сўмига айлантирилиб, кейин берилиши ҳақидаги хабар Ўзбекистонда учинчи бор пайдо бўлмоқда.

Илк бор ўтган йилнинг декабрида ҳам шу каби хабарлар матбуотга чиққанди.

Ҳар сафар Ўзбекистон Марказий Банки бу хабарларни инкор қилаётган бўлсада, хориждаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бундан хавотирга тушганлари маълум.

Ижтимоий тармоқларда бу мавзу кенг муҳокама қилинаётганини кузатиш мумкин.

Меҳнат муҳожирлари бир неча бор Озодликка боғланиб, бундан ташвишга тушганликларини айтган.

Россиянинг Сургут шаҳрида беш йилдан буён меҳнат қилаётган самарқандлик Шокир бу тадбирни амалга тадбиқ қилиш, мардикорларни хонавайрон қилиш билан баробар эканлигини айтади.

– Бу бизнинг пешона теримиз эвазига топилган пуллар. Нимага унга энди хўжайинлик қилишади, хайронман. Агар биз юборадиган долларларни сўмга айлантирса, албатта биз ютқазамиз. Сабаби Ўзбекистонда долларнинг расмий курси қора бозордан анча арзон. Буни йўлга қўйишса, мардикорларнинг шўри қуригани деяверинг,- дейди Шокир.

Бугунги кунда Марказий банк 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматини 1856,15 сўм қилиб белгиланган. “Қора бозор”да эса 1 долларни 2850 сўмга алмаштириш мумкин.

Агар ҳисоб-китоб қилинса, хориждан Ўзбекистонга жўнатилган 1000 АҚШ доллари расмий курс бўйича 1 миллион 856 минг сўмдан сал кўпроқ бўлади, қора бозорда эса уни 2 миллион 850 минг сўмга алмаштириш мумкин.

Демак, Шокир Сургутдан Самарқанддаги оиласига жўнатган 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул конвертация қилиниб, кейин берилса, у бир миллион сўм ютқазади.

Хориждан Ўзбекистонга юборилаётган пул жўнатмаларининг асосий қисми Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳиссасига тўғри келади. Россия Марказий банкига кўра, ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари 2011 йилда ўз ватанларига 4,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ жўнатган.

Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Европа давлатлари, АҚШ, МДҲнинг бошқа мамлакатларидаги меҳнат муҳожирларидан ҳам ҳар йили Ўзбекистонга миллиардлаб доллар пул жўнатмалари ўтказиши айтилади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, меҳнат муҳожирлари четдан юбораётган маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этади.

http://www.ozodlik.org/content/article/24558600.html

Sorry, the comment form is closed at this time.