Jan 172012
 

Қайдасан, Жамшид?

(имзолар рўйхати янгиланган, 18 январ куни бўйича )

Бугун телефонимдаги сўзлашув рўйхатини очиб кўрсам, Жамшид Каримов билан охирги марта 10 январ куни, Ванкувер вақти билан кеч соат 20 дан 03 дақиқа ўтганда гаплашган эканман.

Шундан буён мана 5 кун ўтди. Мен хар куни Жамшиднинг +998912076573 +998905160420 рақамли телефонларига терсамда, жавоб йўқ.

Миямни хавотир чулғайди.

Унинг кунлари қандай ўтаётганлиги, ортидан пойлоқчилар қолмаётгани ва келгувси режалари хақидаги хикоясини интернет сахифаларида ошкор қилиб хато қилмадимми, деб ўйлаб қоламан. Лекин, буни Жамшиднинг ўзи хохлаган эди. У хаттоки, охирги сухбатларимизнинг бирида ББС, Озодлик радиолари орқали чиқиш қилишни хохлашини айтиб, “Улар менга тел қилишсин, айт уларга” деб мендан сўраганди. Мен унга, “Жамшид, эхтимол хали эртадир, сен бир оз сабр қил, яқинда озод бўлдинг, бир оз дам ол” дедим.

У эса “Мистер Хайд, мен тимсох каби эмаклаб эмас, қаддимни тик тутиб яшамоқчиман. Бир марта ўламан холос” деган эди…

“Мени тирик ва соғлом, ақлим ўзимда эканлиги хақида хаммага айт” деган эди у…

Ва мана оқибат…

Бугун Францияда истоқомат қилаётган Мўътабар Тожибоева билан Жамшид хақида анча гаплашдик. Мўътабархон “Улуғбек, халқаро хамжамиятга Жамшид бўйича Мурожат билан чиқиш керак, акс холда ўзбек хукумати Жамшидни яна қамоққа тиқишлари мумкин. Бугунги холатда биз индамай қараб турсак бўлмайди” деб қолди.

Мен хуқуқ химоячисининг фикрларига юз фоиз қўшилган холда, Жараён сайти мухаррири Сахиф Котиб билан биргаликда мана шу Мурожатномани тайёрладик.

Мен имзо йиғиш учун Мурожаатномани Фейсбукдаги сахифамга хам жойладим.

Хурматли ўқувчи, бефарқ қолманг. Мурожатномани имзоланг.

Бугун биз овоз бермасак, таъқиб остидаги бир хамкасбимиз тақдири га бефарқ бўлсак, бу диктаторлар нималар қилишмайди?!

Мурожаатнома матни:

Жамшид эркин яшашга ҳақли!!!

Ўтган йилнинг ноябрь ойи бошларида Самарқанддаги руҳий хасталар шифохонасидан озод қилинган жиззахлик мустақил журналист, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов мана бир неча кундирки бедарак қолмоқда. Мажбурий узлат ва бунинг натижаси ўлароқ дўстлар, ҳамкасблар билан суҳбатга ташналик, ўзи севган касбини яна тиклаш йўлидаги ҳаяжонли интилишлар билан яшаётган дўстимиз, ҳамкасбимизнинг бирдан жим бўлиб қолиши бизни албатта хавотирга солмоқда. Афсуски Ўзбекистон ва бу мамлакатдаги вазият, ким бўлишидан қатъий назар, қандай қараш эгаси бўлишидан қатъий назар, кимнингдир узоқ муддат жим қолишидан хавотирланиш зарур бўлган мамлакатдир.

2005 йили ҳам Жамшид бир дунё режалар билан ва айниқса қудратли қариндошига тегишли кўпчилик учун номаълум маълумотлардан иборат китоб битиш билан яшаганди, ўзига хос ўжарлик, қайсарлик билан нафақат айнан мана шу режаси, балки ўнлаб бошқа режаларини, хусусан ўзи яшаётган Жиззахдаги вазиятга оид йирик чиқишлар қилиш режаларини ҳам яшириб ўтирмади. Охир оқибат бу ошкора мақсадлари уни Самарқандга, руҳий хасталар шифохонасига олиб келди. Биз билан бир неча кун муқаддам ўтказган сўнгги, телефон орқали мулоқотида ҳам Жамшид айнан 7 йил муқаддам бўлгани каби бир дунё режалар билан яшаётгани ва айни режаларини амалга ошириш учун тиним билмай ишлашга тайёрлигини айтганди.

Дўстимиз, ҳамкасбимизнинг кейинги тақдирини аниқлаш урунишларимиз натижа бермаяпти, бизнинг энг ёмон гумонимиз, уни яна мажбурий узлатга маҳкум қилишган, кўнглимизни бироз овутиб турган умидимиз, бу сафар мажбурий узлат тарзида уй қамоғи танланган бўлса керак. Ҳар қалай кечагина озод қилиб, бугун қайтадан яна руҳий хасталар шифохонасига жойлашмаса керак, деган умидимиз бор. Аммо журналист учун, бўлиб ҳам фаолликни севувчи қалам кишиси учун мана шу чекловлар ҳам руҳий хасталар шифохонасига жўнатилишдан баттарроқ. Демак, афтидан Жамшид яна кечагина тарк этгани ёвуз, қақшатқич даражада азобли вазиятга қайтарилди ва унинг эрк севувчи руҳи яна қийланмоқда.

Жамшид дунёдаги ҳар бир инсон каби эркин яшашга, эркин ижод қилишга, хоҳлагани инсонни ҳурмат қилиб, хоҳлаганидан нафратланиб яшашга ҳақли. Ҳеч ким, шу жумладан Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари, уларга ҳаракат эркинлигини бериб қўйган ҳукумат ва барча бемазаликлар устида қалқондай турган президент ҳам бир инсоннинг тақдирини ўз истагича белгилаш ва унга аралашиш ҳуқуқига эга эмас. Биз Жамшид Каримов ҳаётига бетамизларча аралашиш БАС қилинишини талаб қиламиз! Дунё жамоатчилигини журналист тақдирига эътиборсиз бўлмасликка, бутун дунёдаги ҳамкасбларимизни эса “Жамшид эркин яшашга ҳақли!!!”, деган даъватга қўшилишга чақирамиз.

Ўзбекистондаги тегишли идоралар, бугун дўстимиз, ҳамкасбимиз қандай юриши, қандай туриши, нимани еб, нимани ичиши, қачон ва қайси тарафга қараб акса уришигача белгилаб бериш устида ишлаётган ва бу энг хунук ва бемаза уринишлар ортида турганлардан Жамшид тириклиги, соғлом экани ҳақида бизни ишонтиришга чақирамиз. Журналистни ўз ҳолига қўйишни, агару қайсидир бемаза амалингизни очиқлаб юборишидан чўчисангиз, мантиқ, соғлом ақл эгалари каби ўша бемаза қилиғингизни тўғрилашга урининг, аммо зинҳор айбингизни юзингизга айтганни эмас! Бир нарсани англаб етишингиз зарур, Жамшид айта олмаса, овози бўғилса айта оладиганлар, етказа оладиганлар кўп. Бас, “Жамшид эркин яшашга ҳақли!!!”.

Не таажжубки бугун Ўзбекистон дунё давлатларига мослашишга эмас, дунё давлатлари Ўзбекистонга мослашишга, унинг кайфиятини албатта ҳисобга олиб муомала қилишга интиляпти. Дунёдаги ана шу мантиқсиз уринишлар, тутуруқсиз сиёсат туфайли Ўзбекистон қуюшқондан чиқиб кетти. Энди бу мамлакатда журналистларни овозини ўчириб қўйиш, танобини тортиб қўйиш, ҳатто мамлакатдан қувиб чиқариш шунчаки бемалол амалиёт бўлиб қолди. Мамлакатта улкан шафқатсизликларни йўлга солиб қўйиб, мамлакат ташқарисида ўтадиган йирик йиғинларда уялмай ёлғон гапириш одатга айланиб бўлди. Дунё ҳамжамияти бу майнавозчиликка индамай қараяпти ва маълум маънода бу каби муносабатнинг янада урчиб боришига хисса қўшяпти.

Биз дунё ҳамжамиятини Ўзбекистонга нисбатан танланган мутлақо мантиқсиз позицияга мантиқли баҳо беришга ва азалдан энг Олий деб белгилаб олинган қадриятлардан чекинмасликка чақирамиз. Ўлдирилаётган қадриятлар ҳимоясига қўшилинг, биз билан бирга “Жамшид эркин яшашга ҳақли!!!”, деган даъватга қўшилинг, Ўзбекистон ҳукуматини Жамшидни тинч қўйишга чақиринг!

Мутабар Таджибаева, правозащитница, Франция
Улугбек Хайдаров, независимый журналист, Канада
Сахиф Котиб, главный редактор сайта Жараён, Украина
Хуснитдин Кутбидинов, независимый журналист, США
Абдумалик Бобоев, журналист, Узбекистан
Насрулло Саййид, писатель, Канада
Кудрат Бабаджанов, независимый журналист, Швеция
Юсуф Расулов, независимый журналист, Швеция
Абдужалил Бойматов, правозащитник, Ирландия
Фарходхон Мухтаров, правозащитник, Узбекистан
Алексанр Кулешов, главный редактор газета “Ванкувер Экспресс”
Азизуллох Фарёбий, поэт, Канада
Тулкин Караев, правозащитник, Швеция
Гулшан Караева, правозащитница, Узбекистан
Жахонгир Маматов, писатель, США
Ғафур Юлдашев, журналист, Канада
Баходир Мусаев, политолог, Узбекистан
Санжар Умаров, США
Хазраткул Худойберди, Правозащитник, Швеция

Адхам Танриев, Бирдамлик ташкилоти,
Муборак Маматкулова, Бирдамлик ташкилоти.

 

Алексанр Кулешов, “Ванкувер Экспресс” газетаси бош мухаррири

Азизуллох Фарёбий, шоир, Канада.

Даниил Кислов, гл.редактор “ferghana.ru”

Сафимизга қўшилинг, ҳамкасбимиз тақдирига бефарқ қолманг!!!

 

http://www.yangifikr.com/news/index.php?option=com_content&view=article&id=378:2012-01-16-03-24-45&catid=1:latest-news

Sorry, the comment form is closed at this time.