Jan 092012
 

09.01.2012 22:27

Жамшид Каримов “Мени жонимдан тўйдиришмоқчи”

jamsidЯқиндагина Самарқандаги ёпиқ турдаги рухий шифохонадан чиқарилган Жамшид Каримов, бугун Жиззахда доимий кузатувлар остида яшаётгани хақида хабар берди.

“Уйдан чиксам кутиб туришган бўлади, Кўчадан келиб уйга кираётсам кузатиб қўйишади. Улар хаттоки ўзларини хам яширишмай кўйишган. Фуқаро кийимидаги бу кимсалар тўқ қизил “Жигули 07” автомобилида юришади доим”, дейди ўзбекистон республикаси президенти ислом Каримовнинг жияни Жамшид.

“Бундан ташқари, у ёқдан келганимдан сўнг эса, хотиним Наргизани хам қўрқитиб қўйишганини сездим. Унга менимча, “Эринга кўз қўлоқ бўл” деб тайинлашган ва оқибати хақида кўрқитишган. Наргиза бугун мени эски дўстларим ва танишларим билан учрашишим ва гаплашишимни хохламайди ”, деди Жамшид Каримов.

Жамшид, бир неча марта оиласидан алохида яшаш мақсадида ижарага квартира топиш учун харакат қилганини хам айтди.

“Биласан мени феълимни. Баъзан ёлғизликни хохлаб қоламан. Жиззах шахрида ижарага квартира олиб алохида яшамоқчи хам бўлдим. Аввалига хаммаси яхши бошланди, шароитлари менга мос бўлган хона хам тез топилди ва унинг эгаси билан хам тездагина келишдик. Эртасига кўчмоқчи эдим, уй эгаси телефон қилиб, уйни менга бера олмаслигини айтди. Кейин эса бошқа уй топдик, у уй эаси билан хам мана шундай воқеа бўлди. Хамма аввалига мени ижарага қўйишга рози бўлар, орадан ярим кун ўтмасдан дархол пулимни қайтиб беришиб, тинч кўйишларини сўрашарди“ дейди Самарқандаги рухий хастахонада мажбуран 5 йил сақланган Ўзбекистон президенти жияни Жамшид Каримов.

Жамшиднинг айтишича, у кейинчалик ижарага уй берувчиларнинг нима учун фикрларидан қайтганлари сабабларини ўрганган. Маълум бўлишича, Жамшидга ижара учун уй бермоқчи бўлган уй эгаси олдига ўзларини ички ишлар бўлими терговчилари деб таништирган йигитлар келишиб,  келишувни дархол бекор қилишларини талаб қилишган.

“Акс холда уларни қамоқ ва бошқа жазо чоралари билан кўрқитишган” деди Жамшид.

“Мен хам инсонман ва тинчгина ўз касбимни давом этдиришни истайман, дўстларим билан эмин эркин юришни ва ишлашни хохлайман. Лекин негадир менга йўл беришмаяпти. Хаттоки уйимиз яқинидаги интернет кафесига кириб хам тинч ўтира олмайман. Улар доим мен билан, худди соялар каби.Мен жонимдан тўйдим ва бу холда ўзимга жавоб бера олмайман. Агар мен билан бирон нарса содир бўлса, хаммасига ички ишлар органлари ходимлари ва жаноб Дехқонов бошчилигидаги хавфсизлик хизмати ходимлари айбдор”

Изма из пойлоқчилик қилаётган кимсалар жонига теккан Жамшид куни кеча Жиззах шахар марказида, уларга қараб, ёнидан намоишкорона лезвия (соқол олишда ишлатиладиган тиғ) чиқаради ва уни пойлоқчиларга кўрсатади.

“Шундан кейин улар дархол қаёққадир ғойиб бўлишди, лекин бутунлай эмас, энди улар масофа сақлашади бир неча кун” деди Жамшид.

Ўз амакиси, Ўзбекистон республикасининг диктатор президенти Ислом Каримов сиёсатини доим танқид қилиб келган журналист Жамшид Каримов 2006 йил, 10 сентябр куни махсус хизмат ходимлари томонидан Жиззахдан ўғирлаб кетилиб, Самарқанддаги рухий хасталиклар шифохонасига қамаб қўйилганди.

Ноқонуний равишда 5 йил рухий хастахонада сақланиб, кутилмаган тарзда озодликка чиқарилган Жамшид Каримовнинг Ватанимиздаги ахволнинг хақиқий айбдори ким эканлиги хақидаги фикри ўзгармаган.

“Мен сиёсатчи хам, хуқуқ химоячиси хам эмасман. Мен Оммавий ахборот воситаси вакилиман. Ва одамларга маълумот етказиш харакатидан хеч қачон воз кечмайман. Ортимдан пойлаб юрганлар шуни билсинларки, менинг энди йўқотадиган нарсам йўқ!” деди Жамшид Каримов.

Улуғбек Хайдаров, www.yangifikr.com

 

http://www.yangifikr.com/news/index.php?option=com_content&view=article&id=373:2012-01-09-22-36-13&catid=1:latest-news

Sorry, the comment form is closed at this time.