Dec 122011
 

Ўзбекистон

“Habeas corpus шарофати билан Ўзбекистонда ҳибсга олишлар камайди”

Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Habeas corpus тартиби 4 йил аввал жорий қилинганидан бери вазият ўзгаргани йўқ.

12.12.2011
Абдулла Искандар

Бу фикрни билдирган Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова билан сешанба куни Берлинда Ҳюман райтс уотч (ҲРУ) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид ҳисобот эълон қилиши арафасида суҳбатлашдик. “Гувоҳлар қолдирилмади. Қийноқлар, ишламаëтган Habeas corpus ва Ўзбекистонда мустақил адвокатуранинг тугатилиши” деб номланган бу ҳисобот ҲРУ фаолияти Ўзбекистонда тўхтатилганидан бери илк бор эълон қилинмоқда. Бу ҳисобот эълон қилинишидан 4 йил олдин Ўзбекистонда Habeas corpus дабдабаю кўз-кўзлаш билан жорий қилинган эди. Habeas corpus киритилганини олқишлаган Европа Иттифоқи 2005 йилги Андижон қирғинидан кейин жорий қилган санкцияларни бекор қилган эди. Ҳали эълон қилинмаган ҳисобот сарлавҳасидан келиб чиқсак, Ўзбекистонда Habeas corpus самара бермаган. Ҳисобот сарлавҳасида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид яна иккита муаммо урғуланади. Бу қийноқлар ва мустақил адвокатуранинг тугатилгани билан боғлиқ муаммолар. Ҳисобот эълон қилиниши арафасида, тилга олинган бу уч муаммо юзасидан Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари, адвокат ва расмийлар билан суҳбатлашдик.

Habeas corpus

Habeas corpus – бирор шахснинг ҳибсга олиниши суд томонидан тафтиш қилиниб, ҳибсда қолиши учун асос бўлмаган ҳолда уни озод этиш тизими бундан 4 йил аввал жорий қилинганида, у ноқонуний ҳибсларга чек қўяди деб умид қилинган эди.

Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқовага кўра ўтган 4 йил мобайнида Habeas corpus бу умидларни оқлади.

– Habeas corpus институти нима? Танангни судга бергин ва фақат суд сенинг юриш чегараси, мана озодликдан юриш чегарани қўйиб қўйса, фақат суд қўйсин. Чунки у бетараф, у холис ва у фақат қонунга асосланиб қарорларни қабул қилади. Мана статистикага эътибор берсангиз, мана шу жараëн йилдан йилга қамоқда дастлабки тергов пайтида қамоқда сақланаëтган шахсларнинг сони анча камайган, дейди Светлана Ортиқова.

Айни пайтда Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари ва халқаро кузатувчилар Habeas corpus жорий қилингани билан қонунсиз ҳибсга олишлар сони камаймаганини айтиб келишади.

Ҳибсга олишлар жараëнини кузатаëтган Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистондаги фаоли Мўътабар Аҳмедова назарида асоссиз ҳибсга олишлар кўпайган.

– Қўйнидан тўкилса, қўнжига бўлди. Судга топширилган билан бу нарса қамоққа олинаëтганларнинг сони илгаригидан ҳам кўпайган. Шу бу йилнинг ўзида, битта ноябр ойининг ўзида фақат Тошкент вилояти бўйича 70дан ортиқ одам қамоққа олинди, дейди Мўътабар Аҳмедова.

Мўътабар Аҳмедовага кўра, Ўзбекистонда Habeas corpus кўриб чиққунга қадар ҳибсда бўлиш 72 соатни ташкил қилади. Бу халқаро нормаларда белгиланганидан (48 соат) кўра кўпроқдир.

Миранда қоидаси

2009 йилнинг январида Ўзбекистон процессуал нормаларига милициянинг “Миранда қоидаси”га риоя қилиш тартиблари киритилди.

Ҳолливуд филмларида гумондорни қўлга олган полиция унга “ҳуқуқларини” тушунтиради. “Сиз сукут сақлаш, адвокатга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтган ҳар қандай гап ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин”, деган гаплар айтилади.

2009 йил январидан бошлаб бу ҳолат Америка киноларидан ўзбек воқелигига ҳам кўчди, бу эса ижобий ҳолат, дейди Светлана Ортиқова.

– Сиз билан биз жуда кўп киноларни кўрамиз. Албатта мана ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоранинг ходими жиноятни содир этишда гумон қилинаëтган шахснинг қўлидан ушладими, ўша Миранда қоидаси амалга киритилган бизнинг қонунчиликда ҳам. Албатта унинг ҳуқуқлари, унинг мажбуриятлари, адвокатга бўлган ҳуқуқи борлигини, яиқн қариндошларига қўнғироқ қилиши мумкинлигини ва ҳоказо ўша жойнинг ўзида қўлидан ушладими тамом ҳамма ҳуқуқлар тушунтирилади, дейди Светлана Ортиқова.

Айни пайтда Светлана Ортиқова бу соҳада маълум камчиликлар борлигини ҳам айтиб ўтди.

– Энди шу жараëн 100 фоиз аъло даражада бажарилаяпти ëки қонун бузилиши ҳолатлари йўқ дейишдан йироқман. Чунки инсон бор жойда, амалиëт бор жойда албатта хато ҳам бўлади, дейди Светлана Ортиқова.

Собиқ маҳбус, бугунги фаолиятида ҳибсга олиш жараëнларини кузатаëтган Мўътабар Аҳмедова “Миранда” қоидаси ҳозирда мавжуд маҳбусларнинг оч биқинига тушириш амалиëти билан алмашмаганлигини айтди.

– Тушунтириши керак.  Бу қонун асосида берилган нарса. Ваҳолангки, амалда улар оч биқинига тепади у кўчадан олиб кетадими, уйидан олиб кетадими, бошқа мамлакатдан олиб келадими, бошқа шаҳардан олиб келадими фарқи йўқ. Фақат оч биқинига тепадида, мана шу нарсага қўл қўйиб берасан дейди. Илгаригидан ҳам ваҳшиëна даражада, дейди Мўътабар Аҳмедова.

Қийноқлар

2003 йилда БМТнинг қийноқларга қарши махсус маърузачиси Тео Ван Бовен Ўзбекистон адлия тизимида қийноқлар “кенг тарқалган ва систематик тус олган”, дея билдирган эди.

Ўшандан кейин орада ўтган деярли 10 йил мобайнида БМТнинг  қийноқларга қарши маърузачисининг Ўзбекистонга кириш ҳақидаги сўровларига рад жавоби берилди.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқни ўз кўзи билан кўрган собиқ маҳбус, журналист Улуғбек Ҳайдаров мамлакат қамоқҳоналарида қийноқ истисносиз қоида эканини айтади.

– Ечин деса ечинасиз, кийин деса кийинасиз. Елкангни тут, дейди. Елкангизни тутасиз, таëқлар келиб тушади. Қўлингни узат, дейди. Узатасиз, таëқлар келиб тушади. Ўтир, дейди. Оëғингизни узатасиз, товонингизга махсус таëқлар билан уришади. Умуман концлагердаги жиноий ҳаракатлар ҳаммаси бугунги биздаги қамоқда ўтирган ўртоқларга нисбатан қўлланилади. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим, дейди Улуғбек Хайдаров.

Айни пайтда Ўзбекистонда 2003 йилдан бери Қийноқларга қарши миллий режа ишлаяпти, қийноқ қўллаган мулозимлар жазоланмоқда, дейди Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова.

– Қийноқларга қарши курашиш бўйича БМТ конвенциясини Ўзбекистон ратификация қилгандан кейин анча мана миллий ҳаракат дастурлари ҳам қабул қилинган. Идоралараро комиссия ҳам ташкил топган. Ўша комиссиянинг ичида алоҳида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Агарда ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоранинг ходимининг устидан шунақа ариза келган бўлса, унда алоҳида ҳолат сифатида қараб, фавқулодда ҳолат деб қараб, алоҳида суриштирув олиб  борилади, дейди Светлана Ортиқова.

Адвокатлар

2009 йилнинг январида  Ўзбекистонда адвокатурани ислоҳ қилиш қонуни қабул қилинди. Бу қонун амалда адвокатлар уюшмаларига барҳам бергани ва Адвокатлар палатаси номи билан очилган идора аслида адвокатлар устидан давлат назоратини олиб борадиган воситага айлангани айтилади.

Қонун кучга киргач, барча адвокатлар имтиҳон топшириб қайта лицензия олишга мажбур бўлдилар. Айни пайда ҳар бир адвокат уч йилда бир марта малака имтиҳони топширишга маҳкум.

Адвокататура тўғрисидаги қонун лицензиясидан маҳрум қилган адвокат Руҳиддин Комилов, бу қонун ҳақиқий ҳуқуқ ҳимоячилари қанотини қирққанини айтади.

– Модомики, бу қонунлар ишламас экан кимга манфаат? Ким бундан фойда кўради, дейди Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистонлик адвокат Сергей Майоров бу муаммоларни инкор қилмаган ҳолда журъатли ҳимоячилар сиëсий ва диний айб билан қамалганларни ҳимоя қилиш учун ўзларида жасорат топишганига эътибор қаратди.

– Врачлар ҳаммани даволаймиз деб қасам ичишади, аммо адвокатларга нисбатан ҳаммани ҳимоя қилсин деган қонун йўқ. Шу маънода кимни ҳимоя қилиш адвокат учун жиддий танлов бўлиб қолади. Адвокатлик имтиҳонларига келсак, менинг назаримда бу имтиҳонлар ижобий ҳолат, дейди Сергей Майоров.

Эслатиб қўямиз, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва эътиқод маҳбусларини ҳимоя қиладиган икки адволат Руҳиддин Комилов ва Рустам Тўлаганов бу “имтиҳонлар”дан кейин лицензиядан мосуво қилинган эди.

Маҳбусларнинг адвокат танлаш ҳуқуқи ҳозир ҳар доимгидан кўра яхшироқ, илойим кўз тегмасин, дейди Сенат Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова.

Светлана Ортиқова билан суҳбатни тўла шаклда қуйида тинглашингиз мумкин.

http://www.ozodlik.org/content/article/24419614.html

Sorry, the comment form is closed at this time.