Aug 192011
 

 

Ўзбекистоннинг Жаслиқ қамоқхонасида маҳбусларни қийноққа солиш ҳоллари давом этмоқда. Бу борада хабар тарқатган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти бир неча нафар маҳкумлар яқинлари ҳикояларини мисол сифатида келтирган.

Улардан бири беш йил муқаддам товламачиликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновга нисбатан қўлланаётган қийноқлар даъвосидир.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти мазкур хабарни маҳкумнинг рафиқаси Озода Ёқубова ҳикояларига таяниб тарқатган.

Би-би-сига гапирган Озода Ёқубова турмуш ўртоғини 12 август куни бориб кўрганини айтади.

“12 август куни бориб кўрдим. Хўжайинимга нисбатан жисмоний қийноқлар ўтказишмайди, лекин таҳқирлаб устидан кулишиб, руҳий босимларни ҳар доим қилиб келишади. 2 йилдан бери хўжайинимга 3 кечалик учрашув бермайди… Сиёсий маҳбусларга 3 суткалик учрашув беришни тақиқлаб қўйган”, дейди Озода Ёқубова.

Озода Ёқубовага кўра, турмуш ўртоғи Аъзам Фармоновнинг оёқ-қўлларида безлар пайдо бўлган.

“Бу камҳаракатликдан, бир жойда кўп ўтиргандан пайдо бўляпти”, деб айтадилар. 5 ярим йилдан бери хўжайиним камерада ўтирибди. Уларга бир кунда фақат бир соатлик “прогулка” бор. Бошқа вақтларини камерда ўтказишади”, дейди у.

Унга кўра, асосан сиёсий маҳбуслар шундай тизимда сақланади, бошқа жиноий айбловлар билан қамалганлар ишга олиб чиқилади.

“Лекин, ҳозиргача ман сиёсий маҳбусларни ишлаш учун олиб чиқилганини эшитганим йўқ. Хўжайиним ҳам бир неча бор ишга олиб чиқишни сўраб, мурожаат қилганлар. Лекин ишга олиб чиқишмайди”, дейди Озода Ёқубова Би-би-си билан суҳбатда.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Аъзам Фармоновга нисбатан бир неча бор таҳдидлар бўлгани, унга қасаллик юқтиришга уринишга бўлганлиги ҳақида ёзади.

Бунга изоҳ бераркан, Озода Ёқубова: “Халқаро ташкилотлардан текширувчилар келган пайт сиёсий маҳбусларни зонадан олиб қочишга ҳаракат қилишади. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Хўжайинимни бир неча бор Нукусдаги тергов изоляторига бир неча бор юборишди…”Нукусдан қайтаётганда ҳар хил сил касали билан оғриган беморлар, СПИД анақалари билан бирга олиб келишди”, деб айтгандилар…Кейин маҳкумларнинг касали борми, соғи борми, ҳаммасини бирга ҳаммомга киргизиб, битта бритвада соч-соқолини олишган, ўша касал маҳкумлар билан бирга”.

Ўзбекистон қамоқхоналари маҳбусларга ноинсоний, шафқатсиз муомала туфайли дунёга танилган.

2003 йилда БМТнинг махсус маърузачиси Ўзбекистонни қийноқлар мунтазам қўлланадиган мамлакат сифатида таърифлаганди.

Бир неча йил мобайнида БМТ қаршисида ҳисобот берган Ўзбекистон расмийлари қийноқларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш мақсадида кўп ишлар амалга оширилгани ҳақида гапирганлар.

Аммо, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва қатор халқаро ташкилотлар вазият ҳамон ўзгаришсиз қолаётганини айтиб келишади.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/08/110819_au_jasluq_torture.shtml

 

Sorry, the comment form is closed at this time.