Jul 222011
 

 Қуйидаги эътиборингизга ҳавола қилинаётган ҳисобот ЎИҲЖнинг 15 июль куни бўлибўтган 2-конгрессида жамият президенти Абдужалил Бойматов томонидан ўқилиши, муҳокамақилиниши ва қарор қабул қилиниши керак эди. Лекин Абдужалил Бойматов ва унинг тарафдорлари (8 ЎИҲЖ аъзоси) техник сабабларга кўра Анжерсдаги конгрессда иштирок эта олмаганликлари учун тақдимқилинмаган эди. Кеч бўлсада бу ҳисобот ЎИҲЖнинг айрим аъзоларига тарқатилди ва жамоатчиликка  учун тақдим қилиняпти.

 

 

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 2 йиллик фаолиятига оид хисобот.

 

ЎИҲЖ президенти Абдужалил Бойматов.

 

 

Ҳурматли ЎИҲЖнинг аъзолари, сафдошлар!

 

Ҳаммаларингизга маълумки, 2009- йилнинг 6- майида Франциянинг Анжерс (Angers)шаҳрида жамиятимизнинг биринчи конгресси бўлиб ўтган эди.

Бу конгресс 2005- йилнинг 13- май ойида Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистондан ташқарида бўлиб ўтган Ўзбекистондан ташқаридаги биринчи қурултой эди. Ҳаммамиз биламизки, Андижон қирғинигача жамиятимиз томонидан Ўзбекистон Адлия Вазирлигига олти марта рўйхатга олиш бўйича мурожаат қилинган эди. Афсуски, Ўзбекистон хукумати ҳар хил сохта баҳоналар билан ташкилотимизни рўйҳатга олмади. Андижон қирғинидан кейин 25 аъзомиз сохта айблар билан қамалди, 18 аъзомиз Ўзбекистонни тарк этди. Ҳозирги кунда ҳам 11 аъзомиз Ўзбекистон қамоқхоналарида ноинсоний қийноқлар ва таҳқирлашлар остида қамоқда азоб чекмокдалар.

Бугун жамиятимизнинг биринчи конгрессидан кейинги биринчи интернет-онлайн йиғилиши (иккинчи конгресси). Ўтган икки йил давомидаги ташкилотимиз фаолиятига баҳо берамиз ва келаси икки йил учун қилиниши зарур бўлган режаларни белгилаб оламиз.

Жамиятимизнинг икки йиллик фаолиятида қилинган ишлар тўғрисида тўҳталиб ўтишга рухсат берсангиз.

 

Хаммага маълумки 1989-2009 йиллар давомида,1989-1992 йилларни хисобга олмаганда ўзбек мухолифати уюшган ҳолда, самарали ишлай олмади.Айниқса, Андижон воқеаларидан кейин жамиятимиз ва мухолифатнинг аксарият аьзолари ватанни тарк этиб дунёнинг кўп мамлакатларига тарқалиб кетишди.

 

Жамиятимиз ва мухолифатнинг кўпчилик аъзолари чет мамлакатларда фаолият юритаётганлиги учун жамиятимиз ва мухолифат учун янги стратегия ишлаб чиқиш зарур эди.Бу янги стратегия ишлаб чиқилди. Бу янги стратегиянинг моҳияти шундан иборатки, чет мамлакатларда фаолият юритувчи мухолифат ҳаракатлари, партиялари, инсон ҳуқуқи ташкилотлари ва кўзга кўринган интернет сайт мухаррирлари ўзаро ҳамкорлик ва ҳаракатларни мувофиқлаштиргандагина ижобий натижаларга эришиш имконияти кескин ошади. Шу фикрдан келиб чиқиб, жамиятимиз ва мухолифат учун қуйидаги асосий йўналишлар белгиланди.

 

Жамиятимиз учун асосий йўналишлар олтита:

 

2009-2011 йиллар мобайнида Жамиятимиз қуйидаги йўналишларни устивор деб билади:

1. Сохта айблар билан, адолатсиз Ўзбекистон судлари томонидан қамалган ЎИҲЖ аъзолари ва
бошқа ҳуқуқбонлар, журналистлар ва мухолифат фаолларини озодликка чиқариш кампаниясида қатнашиш;

2. Ўзбекистонда болалар меҳнатига батамом чек қўйиш кампаниясида қатнашиш;

3. Ўзбекистонда қийноқга қарши кампанияда қатнашиш;

4. Ўзбекистон фуқароларининг эркинликлари учун курашга кенг аҳоли қатламларини жалб этиш.

5.Ўзбекистонда қашшоқлик ва коррупцияга қарши кураш;

6.Ўзбекистон жамиятини ва мухолифатини демократиялаштириш
бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.

 

 

 

Мухолифат учун ҳам олтита асосий йўналишлар белгиланди:

 

1.Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат;
2. Юсуф Жумани озод қилиш.(ва бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам);
3. Андижон қирғини;
4. Диктатор Ислом Каримов истеъфоси;
5.Ўш-Жалолобод қирғини;
6.Ўзбекистонни Турк кенгаши ваТурк ПА(Турк давлатлари парламент ассамблеяси) аъзо бўлишига эришиш.

Жамиятимиз ва мухолифат учун икки йўналиш ўхшашдир. Булар:

1.Ўзбекистонда болалар меҳнатига батамом чек қўйиш кампаниясида қатнашиш;

2. Сохта айблар билан, адолатсиз Ўзбекистон судлари томонидан қамалган ЎИҲЖ аъзолари ва

бошқа ҳуқуқбонлар, журналистлар ва мухолифат фаолларини озодликка чиқариш кампаниясида қатнашиш.

Афсуски, бу икки йўналиш бўйича жамиятимиз, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва мухолифат ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш яхши йўлга қўйилмаганлиги туфайли ижобий самарали натижага эриша олмадик. Бу камчилик айниқса, болалар ва мажбурий меҳнат бўйича олиб борилган кампанияда яққол сезилди. 2005-2010 йилларда болалар меҳнати бўйича Европа ва АҚШнинг йирик текстиль маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи фирмалари ўзбек пахтасига бойкот эълон қилишди. Бу кампанияда жамиятимиз ҳам, Ҳалқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ ва жаҳон жамоатчилиги ҳам фаол иштирок этишди. Бу кампанияда АҚШ давлат департаменти, АҚШ давлат котибалари Кандализа Райс ва Хиллари Клинтонлар ҳам фаол иштирок этишди.

Ҳаттоки, АҚШда мактаб ўкитувчилари Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши норозилик намойиши ўтказишди. Лекин ўзбек мухолифати “Бирлик”, “Эрк”, “Бирдамлик” бу кампанияга қўшилишмади.

Жамиятимиз томонидан Ўзбекистон хокимияти томонидан оммавий инсон ҳуқуқларининг оёқ ости қилинишлари: қашшоқлик, коррупция, болалар меҳнати, мажбурий меҳнат тўғрисида ўзбек, рус ва инглиз тилларида баёнотлар эълон қилинди. Қашшоқлик,порахўрлик,болалар меҳнати ва ўқитувчиларнинг Ўзбекистонда маошлари ва қадрининг пастлиги туфайли Ўзбекистонда

ўқувчиларнинг билим савияси сифати Совет даврига нисбатан анча пастлигини ҳамма билади. Билим савиясини кўтармасдан фанни,технологияларни,саноатни,қишлоқхўжалигини,иқтисодиётни ривожлантириб бўлмайди.Иқтисодиётнинг ривожланиши янги иш жойларининг яратилиши,ўзбек меҳнат мухожирларининг камайишидир.Афсуски, ўзбек мухолифати ва оммавий ахборот воситалари бу баёнотларга етарли эътибор беришмади, хаттоки, ўзбек жамияти учун бу баёнотларнинг ахамиятини етарлича тушунмади десак ҳам хато қилмаган бўлаверамиз. Юқоридаги фикрларни хисобга олган ҳолда жамиятимиз ва мухолифат ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришбўйича иш олиб бориляпти. Бу ҳамкорлик фуқаровийбўйсунмаслик кампанияси бўйичаЎзбекистон ХалқҲаракати билан ва диктатор Ислом Каримов истеъфоси бўйича Бирдамлик халқҳаракати билан олиб борилмоқда. Бу дегани, жамиятимиз бу харакатлар билан бирлашиб кетмайди, фақатҳамкорлик қилади. Жамиятимиз инсон ҳуқуқлариниҳимоя қилиш ташкилоти бўлибқолаверади.

Рухсат берсангиз,жамиятимиз аьзоларининг айрим кампанияларда қатнашиб кўрсатган фаолликлари тўғрисида тўхталиб ўтсам.

1. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича кампания 2004-2005 йилларда бошланган эди.2008-2010 йилларда Ўзбекистон хукуматига болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича Европа Иттифоқи ва АҚШнинг текстиль маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи йирик компаниялари ўзбек пахтасига бойкот эълон қилганларидан кейин босим жуда кучайди.Бу кампанияда ЎИҲЖ аьзолари фаол иштирок этишди.

Ўзбекистон ичкарисида туриб аьзоларимиз Гулшан Қораева,Нодир Ахатов,Саида Қурбанова ва Маьмир Азимовлар айниқса оғир шароитларда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича хабарлар, мақолалар шаклида мониторинг натижаларини дунё жамоатчилигига етказиб туришди.Афсуски,бу кампания ўзбек мухолифатининг ва аҳолининг ижтимоий сиёсий фаолиятсизлиги туфайли ижобий натижага ҳалигача эришгани йўқ.

2. Ҳаммага маьлумки, 2010 йилнинг 10-14 май кунларида Қирғизистоннинг асосан Ўш ва Жалолобод шаҳарларида ва шу шаҳарлар атрофидаги жойларда қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник низо келиб чиқди.Бу воқеалар жамиятимиз ва ўзбек мухолифати томонидан мониторинг қилиб борилди,жамиятимиз ва ўзбек мухолифати сайтларида ёритилиб борди.Бу воқеаларни Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари томонидан жуда кам ёритилгани,Ўзбекистон хукуматининг ўзбекларни қирғизлар томонидан қатлиом қилинишига етарли эътибор бермаган шароитда жамиятимиз ва ўзбек мухолифатининг Қирғизистондаги миллатдошларимизга медиа, моддий ва маънавий ёрдам берганимизни мен жуда ижобий ҳисоблайман.Қирғизистондаги миллатдошларимиз химояси учун БМТ, Туркия, Қозоғистон ҳамда ҳалқаро ташкилотларга петициялар, мурожаатлар,хатлар жўнатилди.Жамиятимиз бутун дунё ўзбекларини бирлаштирувчи дунё ўзбеклари конгрессини тузиш ташкилий ишларида фаол қатнашди.Афсуски, ҳозирги пайтда бу ташкилот фаолиятини тўхтатган.

3. 2010 йилнинг 9-11 июнь куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида 29 ўзбек қочқинлари эрта тонгда ҳибсга олинди.Кейин маьлум бўлдики бу ўзбек қочқинлари Ўзбекистон прокуратурасининг сўровига биноан Қозоғистон куч ишлатар тизимлари томонидан ҳибсга олинган экан.Бу қочқинларни Ўзбекистонга экстрадиция қилинишининг олдини олиш учун қарийб бир йил давомида Ўзбекистон, ҳалқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, БМТ ва бошқа ташкилотлар иштирокида кампания олиб борилди.Бу кампанияда ЎИҲЖ аьзолари ҳам фаол қатнашишди,айниқса бу кампанияда Толиб Ёқубов ва Тўлқин Қораевларнинг иштироки асосий роль ўйнади.

4. Ўзбекистонда Ислом Каримов режимининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан дастлабки тергов,судгача тергов ва Жазони ўташ Бош бошқармаси системаси қамоқхоналари,колониялари,зоналарида кенг кўламда,систематик қийноқлар қўлланилиши ҳақида Ўзбекистон ва ҳалқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бонг уриб келишмоқда.Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳануз жазо муддатини ўтаётган сафдошларимиз Норбой Холжигитов,Хабибулла Оқбулатов, Алишер Караматов,Ғайбулло Жалиловларнинг қийноқлар ва ноинсоний таҳқирлашлар туфайли соғлиқлари нихоятда ёмонлашган. Аъзам Фармонов эса ёзда ўта иссиқ,қишда эса роса совуқ диний экстремизм ва терроризмда айбланиб судланган сиёсий маҳбуслар сақланадиган Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда. Аъзам Фармонов ва Алишер Караматов судгача ва судлангандан кейин ҳам дастлабки йилларда даҳшатли қийноқларга солинган эди. 2011 йилнинг баҳорида олинган хабарларга кўра Аъзам Фармоновга нисбатан жисмоний қийноқлар бирмунча камайган, лекин рухий қийноқлар ҳануз давом этмоқда.

2009 йилнинг 6 майидан бери Саттор Ирзаев,Санжар Умаров,Фарходхон Мухтаров, Рашид Бекжон,Юсуф Жумалар озод бўлишди.

Қийноқлар бўйича аьзоларимиз Гулшан Қораева,Маъмир Азимов,Нодир Ахатов,Саида Қурбоновалар мониторинг олиб боришди.

5. Ўзбекистон фуқароларининг асосий эркинликлари ниҳоятда чекланган, лекин шунга қарамасдан, ЎИҲЖнинг аъзолари вилоятларда норозилик акциялари уюштирмоқдалар ва ўзлари ҳам қатнашмоқдалар. Бу норозилик акцияларида фаолларимиз Гулшан Қораева, Нодир Ахатов, Мамир Азимов, Саида Қурбоновалар жасорат кўрсатмоқдалар. Дарҳақиқат, Ўзбекистондаги Ислом Каримов режимининг тинч норозилик акцияси қатнашчиларини шафқатсиз репрессияларга дучор қилиши ҳаммамизга маълумдир.

 Сўз эркинлиги ҳуқуқибўйичаЎИҲЖнинг сайтини мен, яъни Абдужалил Бойматов юритяпман. Юсуф Расул муҳаррирлигидаги Янги дунё сайти энг кўпўқиладиган сайтлардан бирига айланди.

ЎИҲЖнинг 2008 йилнинг 21 октябрида Францияда рўйхатга олиниши ташкилотларга уюшиш эркинлиги ҳуқуқи бўйича олға бир қадамдир. Бу олға қадамнинг эришилишига Толиб Ёқубовнинг саъйи ҳаракатлари сабаб бўлди.

Диний эркинликлар ҳуқуқлари бўйича Толиб Ёқубов,Тўлкин Қораев,Гулшан Қораева, Нодир Ахатовлар айниқса жонбозлик кўрсатишябди.

Кўриб турибмизки, беш асосий эркинликлардан икки йўналиш бўйича катта ютуққа эришганмиз, икки йўналиш бўйича фаол иш олиб бориляпти.

 

Яна шу ерда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иш олиб бораётган жамиятимиз аьзолари ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Башорат Ешова Ўзбекистонда жуда актив фаолият олиб борган эди,Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар бўйича, ўлим жазоси бўйича, Ўзбекистонда уюштирилган норозилик намойишларида актив фаолият олиб борган эди. Шу актив фаолиятини Швейцарияда бошқача кўринишда давом эттирмоқда. Швейцариядаги фаолияти ташкилий ишларда,петицияларга қўшилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича баҳс-мунозараларда фаол қатнашиш кўринишида бўлмоқда.

Маматқул Мухторов,Зохиджон Зокиров ҳам Ўзбекистон ичида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иш олиб боришябди.

 

 6. Ўзбек мухолифатини ва жамиятини демократлаштириш кампанияси.

Кўпчиликка маълумки, ўзбек хокимияти вакилларида, ўзбек мухолифатида, ўзбек жамиятида демократия тушунчаси аниқ шаклланган эмас. Афсуски, ўзбек мухолифати партияларида, ҳаракатларида, ташкилотларида демократияга амал қилинмайди.

Ўзбек хокимияти органларини демократлаштиришни уч йўл билан амалга ошириш мумкин:

1. Ўзбек жамияти демократлашишни талаб қилиши мумкин;

2.Ўзбек мухолифати хокимият бошқарувини демократлашишини талаб қилишлари мумкин.

3.Ўзбек хокимият вакиллари:( президент, премьер министр ва ҳоказо) ташаббус кўрсатишлари мумкин.

Бу кампания Абдужалил Бойматов ва Юсуф Расул томонидан 2009 йили ярим йил давомида узлуксиз олиб борилди.

2010-2011 йилларда ўрни келганда бу кампания кўтарилиб турилди.

 Асосий ютуқ жамоатчилик фикрини шакллантиришга муваффақбўлинди. Жамиятимиз ўзбек мухолифатини демократлаштириш кампаниясини бундан кейин ҳам давом эттиради.

 

ЎИҲЖда амалга оширилган ташкилий ишлар тўғрисида тўхтаб ўтмоқчиман.

ЎИҲЖнинг сайти 2009 йилнинг 15 июнида ишга туширилди. Сайт асосан уч тилда: ўзбек,рус, инглиз тилларида. Ўзбек тилининг лотин ёзувида камрок ҳам бўлсада хабарлар, мақолалар қўйиб бориляпти. Француз тилида сайтни юритувчи киши бўлмаганлиги сабабли, ташкилотнинг француз тилидаги низомидан ташқари хабарлар ва мақолалар қўйилгани йўқ. Ташкилотнинг Ўзбекистонда ва бошқа мамалакатларда филиалларини очиш, расмий рўйхатга олиш ишлари молиявий қийинчиликлар, пул етишмаслиги туфайли ҳозиргача амалга ошмади. Ҳозирги кунда ташкилотимиз Францияда расмий рўйхатдан ўтган, бу албатта Толиб Ёқубовнинг саъйи-ҳаракатлари натижаси эканлиги ҳаммага маълум. Жамиятимиз Швейцарияда ҳам Башорат Ешова бошчилигида фаолият юритяпти. Сабаби, Францияда рўйхатга олинган ташкилот Швейцарияда ҳам рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши мумкин экан.

2011 йилнинг июль ойидан бошлаб сайтимиз дизайни янгиланди.

Охирги икки йилларда замонавий компьютер-интернет технологиялари фуқаролик жамияти вакилларига ташкилий фаолиятларини юргизиш учун кенг имкониятлар очмоқда. Булар Skype, Facebook, ооVоо, емайл тарқатма(рассилка), мобайл телефонлардир.

Ўзбекистон ташқарисида яшовчи жамиятимиз аъзолари интернет-технологияларидан фойдаланишни ўрганиб олишди. Ўзбекистон ичкарисидаги аъзоларимизнинг айримлари бу технологияларни ўзлаштириб олишган. Келаси бир-икки йил ичида Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида яшаётган аъзоларимиз ҳам бу технологияларни тўла ўрганиб олишларига эришишимиз керак.

 

Эътиборларингиз учун раҳмат.

22-июль,2011 йил,жума.

Sorry, the comment form is closed at this time.