Jul 072011
 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Қашқадарё вилоят бўлими раиси Гулшан Қораева атрофида кутилмаган ҳодисалар юз бера бошлади. Унинг ташкилот марказига билдираётганига кўра, номаълум кишилар телефон орқали ҳуқуқбоннинг қўрқитиш ҳаракатини олиб бормоқда ва айни замонда унинг итини заҳарлаб кетиш ҳолати содир бўлган.

Бу воқеа 6-июлдан 7 -июлга ўтар кечаси, аниқроғи 7-июль соат бирларда содир бўлганлигини  айтади Гулшан Қораева. Ҳуқуқбоннинг уй телефонига 00 998 75 207 5867 рақамлик телефондан чиқган нотаниш эркак унинг қизларига онасини чақиртиб беришни илтимос қилса, Гулшаннинг ўзи телефон гўшагига жавоб берганида эса англаб бўлмас, хиркиллаган овозда ҳақоратлар ёғдира бошлаган.

Мен ташкилотимизнинг навбатдаги қурултойида қатнашиш учун Франция сафарига отланаяпман. Франция Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан телефон орқали суҳбатлашганимдан сўнг бу сингари қўнғироқ қилишлар бошланди”, – деб уқдиради Гулшан.

Унинг тахминига кўра, телефон гўшагининг нариги томонидаги эркак, чамаси телефон микрафонига дастрўмолча, ёки бошқа турдаги бирор матони қўйиб уни қўрқитиш ҳаракатига тушган.

Аммо яна бир ҳолат шундан иборатки, 6 июлдан 7 июлга ўтар кечасида, тахминан соат тунги бирлар атрофида унинг ити ҳам тўсатдан ўлади. Ҳуқуқбоннинг таъкидлаганига кўра, ит заҳарланган эди ва ҳовли ичкарисида ўзини ҳар томон уриб, қийналиб ўлган.

Агар бу биринчи ҳолат бўлганида ташвишга ўрин бўлмасди”, – ҳикоясини давом эттирди Гулшан Қораева, – “илгари ҳам менинг итимни заҳарлаб ўлдириш ҳолати бўлганди. Ўшанда итим ўлгач, уйимга ўғри тушганди”.

 

Ҳуқуқбоннинг фикрига кўра, ҳукумат мулозимлари, ёки ҳуқуқ тартибот органларига унинг Франция сафарига отланиб қолгани ёқмаяпти ва шу сафар олдидан унинг асабига тегиш “операцияси” олиб борилмоқда.

Гулшан Қораева шу куннинг ўзидаёқ бўлиб ўтаётган бу кўнгилхираликдан халқаро ташкилотларни огоҳ этиб қўйишга мажбур бўлганлигини ҳам айтади. Дағдағалик телефон қўнғироқлари кун яримдан ошганида бошланиб, токи кечки соат тўққизларгача давом этган.

Афтидан, режим малайлари нафақат унинг асабига тегишни, балки телефони орқали Француз элчихонаси билан гаплашишига ҳам халал беришни мақсад қилган бўлсалар керак. Шу ўринда, ЎИҲЖ фақат тахмин қилиш имконига эга эканлигини ҳам эслатиб қолади.  Режимнинг асосий мақсади албатта ўзгача сиёсий қарашларга эга фуқароларни, ҳамда эркин фикрлик журналистларни ва албатта инсон ҳақлари курашчиларини қўрқув исканжасига олишдир.  Қарши шаҳрида айни пайтда ташкилотимизнинг вилоят бўлими раиси ўз оромини ҳам йўқотган. Режим бу тунда, ёки эрта тонгда қандай ҳунар кўрсатаркин?

7-июль, 2011-йил.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти.

 

Sorry, the comment form is closed at this time.